21 Май 2020 йил 507

“Тўр”га тушган “балиқчилар”

Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилаётган “Тўр” тадбирлари давомида бир қатор қонунбузарликлар аниқланмоқда. Жумладан, Мирзачўл тумани, Ипак йўли ҚФЙ ҳудудида тўхтатилган “Эпика” автоулови юкхонасида 115 килограмм балиқ борлиги маълум бўлди.

Автоулов ҳайдовчиси - Мирзачўл туманининг Мустақиллик маҳалласида яшовчи, 1985 йилда туғилган И.И. балиқларни Тошкент вилоятининг Чиноз туманига сотиш учун олиб кетаётганлигини билдирган.

Тошкент - Термиз М-39 йўлининг Пахтакор тумани ҳудудидан ўтган 954-километрида тўхтатилган “Нексия” юкхонасида 180 килограмм балиқ борлиги аён бўлди. Фориш туманининг Хонбанди қишлоғида истиқомат қилувчи, 1986 йилда туғилган ҳайдовчи Ш.С. балиқларни Зафаробод тумани, Бирлик ҚФЙда яшовчи З.Ф.дан сотиб олганлигини айтди. 

Зафаробод тумани, Лолазор ҚФЙда яшовчи, 1988 йилда туғилган Н.М. бошқарувидаги “Урал” русумли мотоцикл кўздан кечирилганида эса ҳайдовчининг резина қайиқ, аккумулятор, электрқармоқ ва балиқ солишга мўлжалланган сават олиб кетаётганлиги маълум бўлди.

Ушбу ҳолатлар бўйича суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётир.

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech