16 Ноябр 2020 йил 370

Товламачига қонуний чора кўрилади

Мутахассислар таъкидига кўра, фирибгарлар иқтисодиётнинг муайян йўналишида тажрибага эга бўлишади. Худди шундай, давлат идоралари фаолиятини яхши биладилар. Қолаверса, товламачиликни касб қилганлар қайсидир даражада психолог ҳисобланадилар. Бу “хислат”лари билан улар бошқаларни ўз тузоғига туширишади. Масалан, Самарқанд вилоятининг Жомбой шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган Ж.А. фириб беришнинг ҳадисини олганлардан. У жорий йилнинг август ойи бошида Жиззах шаҳрининг Кимёгар маҳалласида яшовчи, 1984 йилда туғилган Д.Э.га 3 та автоуловни 2 кунда автосалондан чиқариб беришни ваъда қилиб, жабрланувчини чув туширади.

Яъни, фирибгар ўзини Ғаллаорол туманидаги автосалонни тафтиш қилишга келган текширувчи сифатида кўрсатади ва Д.Э.дан “ Nexia-3” учун 4 минг 200 АҚШ доллари, “Cobalt” учун 1 минг 900 АҚШ доллари, “Gentra” учун 6 миллион сўм пулларини олади. Август ойининг охирида эса автоуловлар салондан чиқаётганлигини маълум қилиб, жабрланувчидан яна 21 миллион сўм олган.

Бундан ташқари товламачининг Жиззах шаҳрининг Олмазор маҳалласида яшовчи, 1986 йилда туғилган А.Т.га “Cobalt” ваъда қилиб, 38 миллион сўм пул олганлиги маълум бўлди. Устасига фарқи йўқ, деганлари шу бўлса керак.

Пулларини қайтаролмасликларига амин бўлган жабрланувчилар фирибгарнинг кирдикорлари юзасидан Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига мурожаат қилишди. Ҳолатлар  бўйича тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилиб, тергов ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech