22 Январ 2021 йил 330

Тадбиркорлар мурожаати эътиборда

Пахтакор туманида Жиззах вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси томонидан туман ҳокимлиги ва бошқа идоралар ҳамкорлигида тадбиркорлар учун сайёр қабул ўтказилди.

Сайёр қабулда Пахтакор туманида фаолият юритувчи тадбиркорлар, тижорат банклари, прокуратура ва ички ишлар органлари, мутасадди идора ва ташкилотлар масъуллари иштирок этдилар. Тадбирда тадбиркорлар фаолиятига оид муаммо ва камчиликларини баён этиб, уларни ҳал этишда амалий ёрдам сўралди.

Айтиш жоиз, давлатимиз томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб қувватлаш, хусусий мулкнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган самарали чора–тадбирлар туфайли хусусий секторнинг мамлакатимиз иқтисодиётидаги ўрни ва роли ўсиб бормокда. Бироқ қулай шарт-шароитлар ҳамда имкониятлар мавжудлигига қарамай соҳа ривожига жиддий таъсир кўрсатаётган омиллар ҳам йўқ эмас. Ўтказилаётган бу каби сайёр қабул ҳам ана шу муаммоларни ҳал этиш имконини бермоқда. Чунончи, ушбу сайёр қабулда савдо ва хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва ҳунармандлик йўналишларида фаолиятни янада кенгайтириш учун ер ажратиб бериш, кредит таъминоти шунингдек, коммунал хизмат кўрсатиш каби қатор соҳаларда дуч келинаётган қийинчиликлар баён этилди. Ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, уларни ҳал этиш юзасидан тегишлилиги бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Туман миқёсида ҳал этилмайдиган муаммолар вилоят миқёсида ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

 

Жиззах вилоят ИИБ ахборот хизмати

Text to speech