15 Октябр 2021 йил 478

Сектор раҳбари аҳоли муаммоларини ўрганиш мақсадида мулоқот ўтказди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Зомин туманида сайёр қабул ўтказди. Мазкур тадбирда Чилонзор маҳалла фуқаролар йиғини таркибига кирувчи 5 минг 670 киши истиқомат қиладиган Янги ҳаёт, Бешюз, Чилонзор аҳоли пунктлари вакиллари қатнашдилар.

Сайёр қабул аввалида ишбилармонлик фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган 5 нафар тадбиркорга тикув машиналари олиш имконини берувчи сертификатлар, “Аёллар дафтари”да турган хотин-қизларга субсидия асосида 2 та сув насоси, “Ёшлар дафтари”да турувчи икки йигитга компьютер жамланмалари топширилди.

Тадбир давомида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус доирасида фаол ёшлар вилоят ички ишлар бошқармасининг фахрий ёрлиқлари ва китоблар жамланмалари билан тақдирланди. Яна 5 кишининг Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиш билан боғлиқ узоқ йиллик орзуси ушалди.

Аҳоли билан мулоқот жараёнида эса ишга жойлашиш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш, нафақа ва пенсия билан таъминлаш, соғликни тиклаш, йўллар таъмири, ичимлик суви, газ таъминотини яхшилаш, пиёдалар йўлаги қуриш, электр трансформаторлари ўрнатиш, электр тармоқлари тортиш, уй-жойни таъмирлаш учун қурилиш материаллари ажратиш, сизот сувларини қочириш, мактаб кутубхонасини бойитиш каби қатор масалалар кўтарилди.

Ушбу муаммоларни баратараф этиш бўйича 3- сектор ишчи гуруҳи, хусусан, Жиззах вилояти ҳамда Зомин тумани ташкилотлари ва корхоналари масъулларига топшириқлар берилиб, ечим топиш муддатлари белгиланди.

Шу куни 3- сектор раҳбари Даштобод шаҳридаги “Ўзтекс Жиззах” Ўзбекистон – Россия қўшма корхонаси қошида очилган нон цехи ҳамда мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан танишди. Маълумот ўрнида айтиш керак, 400 иш ўрнига эга, йилига 5,5 минг тонна ип калава ҳамда 2,5 минг тонна трикотаж хом мато ишлаб чиқараётган мазкур масъулияти чекланган жамият маҳсулотларининг 70 фоизи Туркия, Россия ва Хитойга экспорт қилинмоқда. Корхона қошида кунига 2 минг дона нон тайёрлаш қувватига эга цехнинг очилиши 5 кишининг иш билан таъминланиши учун омил бўлди.

Масъулияти чекланган жамият ёнгинасида фаолият бошлаган 240 ўринли таълим ташкилотида эса инглиз ҳамда рус тили фанлари чуқурлаштирилган тарзда ўқитилмоқда. Яна ҳам аниқроғи, бу ерда 120 нафар тарбияланувчи мактабгача, яна 120 нафар ўқувчи бошланғич таълим олиши учун энг замонавий шароитлар яратилган. Муассасада мусиқа ва спорт зали мавжуд. Айтганча, 3- секторда жойлашган “Ўзтекс Жиззах” корхонаси жамоаси 2020 йилда электр таъминоти билан боғлиқ муаммога дуч келганида масала вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи саъй-ҳаракатлари билан ҳал қилинганди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech