17 Ноябр 2020 йил 355

Пора чора эмас, аксинча, бошга балодир

Шундай одамлар борки, ҳар қандай ноқулай вазиятдан пора билан чиқиб кетишга уринадилар. Улар сирасига Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган Р.Э. ҳам киради. Чунончи, жорий йилнинг 13 ноябрь куни Р.Э. Ғаллаорол тумани ҳудудида “Lacetti” русумли автоуловни бошқариб юрган вақтида Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ 3- сафарбарлик гуруҳи катта инспектори томонидан тўхтатилди. 

Бу жараёнда ҳайдовчининг маст эканлиги, шунингдек автоуловни ҳужжатларсиз бошқараётганлиги ҳамда тонировка учун рухсатнома олмаганлиги маълум бўлди. Ўз навбатида йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштириш чораларини кўрди. Р.Э. бўлса қонуний чора кўрилмаслиги учун пора таклиф қилди.

Табиийки, ҳуқуқ ҳимоячиси бу тўғрида Жиззах вилояти ИИБ раҳбариятига хабар берди. Қисқаси, ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Жиззах вилояти бўйича бўлими прокуратура ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди. ЙҲХБ катта инспекторига 100 АҚШ доллари берган Р.Э. қўлга олинди. Ҳолат юзасидан шу йилнинг 14 ноябрь куни вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211- моддаси 1- қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Маълумот ўрнида айтиш керак, айбланувчи илгари ҳам бир неча маротаба йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, белгиланган жарималарни тўламасдан келган. Ҳурматли фуқаролар, йўл-ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишингизни сўраймиз.  

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

 

Text to speech