22 Январ 2022 йил 397

Фаолият таҳлилига бағишланди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида вилоят ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтган 2021 йил давомида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда жорий йил режалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматлари ҳамда онлайн видеоконференц алоқа орқали ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари иштирокида ташкил этилган йиғилишда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров бугун ички ишлар органлари олдига қўйилган вазифаларнинг самарали амалга оширилиши кўп жиҳатдан барча бўғиндаги раҳбар ва ходимларнинг салоҳиятига, масъулият ва интилишига бевосита боғлиқ эканлиги ҳақида гапирди.

Йиғилишда вилоят ички ишлар бошқармаси ташкилий бошқарма бошлиғи, подполковник Раҳматулла Бўриев Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимлари томонидан 2021 йил давомида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда йўл қўйилган хато ва камчиликлар хусусида ахборот берди.

Қайд этилишича, асосий эътибор фуқаролар хавфсизлигини самарали таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилиб, бу борада муайян ишлар амалга оширилди. Пировардида йил давомида вилоятдаги 299 та маҳалланинг 41 фоизида, яъни 122 тасида бирорта ҳам жиноят рўй бермаган, 66 тасида эса қонунбузарликларни камайтиришга эришилган.

Танқидий рухдаги йиғилишда жиноятчилик туманлар кесимида таҳлил этилди. Содир этилган босқинчилик, талончилик, тан жароҳати етказиш, ўғирлик, фирибгарлик каби қонунбузарликларга сабаб бўлган омиллар айтилди. Ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш борасидаги камчиликлар туфайли вояга етмаганлар, ёшлар, аёллар ҳамда жамоат жойларида, шунингдек оила-турмуш доирасидаги, ички ишлар органлари пробация гуруҳлари назоратида жазо ўтаётган маҳкумлар иштирокида ҳам қонунбузарликлар кузатилгани маълум қилинди.

Тадбирда жиноятларни фош этиш, қидирувдаги шахсларни аниқлаш ва ушлаш даражаси яхшиланганлиги тилга олиниб, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш чоралари муҳокама қилинди.

Таъкидланишичи, вилоятда содир этилган жиноятларнинг асосий қисми Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов, Зомин ва Ғаллаорол туманлари ҳиссасига тўғри келади. Шу маънода, камчиликларга йўл қўйган раҳбарлар танқид остига олиниб, фаолиятни ўнглашга оид аниқ топшириқлар берилди.

Йиғилишда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича фаолият олиб бораётган ситуацион марказ фаолияти, қилинаётган ва режалаштирилаётган ишлар ҳақида ҳам сўз борди. Шунингдек, ички ишлар органларида хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этилиши танқидий кўриб чиқилиб, айрим раҳбарларнинг хатти-ҳаракатлари кескин муҳокама қилинди.

Мажлисда ҳар бир масала атрофлича муҳокама этилиб, қонунбузарликларнинг олдини олишда “маҳаллабай” ва “фуқаробай” тарзда ишлаш бўйича аниқ чоралар белгиланди.

Text to speech