19 Феврал 2021 йил 369

Фаолият бўйича ҳисобот

Жиззах шаҳрида вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасининг 2020 йилдаги фаолияти ҳамда жорий йил режаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари, ахборот хизматлари масъуллари иштирокида уюштирилган тадбирда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Жўрабек Авазовнинг ҳисоботи тингланди.

Чунончи, 2021 йилда профилактика инспекторлари томонидан 78 та жиноят фош этилиб, қидирувдаги 14 шахс ушлангани маълум қилинди. Шунингдек, жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган 6 минг 770 нафар фуқаро профилактик ҳисобга олиниб, якка тартибдаги ишлар амалга оширилиши натижасида улар томонидан жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган.

Ўз навбатида вилоятдаги 295 та маҳалланинг 52,2 фоизида, яъни 154 тасида бирорта ҳам жиноят рўй бермаган, 61 тасида эса қонунбузарликларни камайтиришга эришилган. Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5 тага камайган. Айни мақсадда “Диққат болалар”, “Тун”, “Ўқувчи, “Ўсмир”, “Ғамхўрлик” ва бошқа профилактик тадбир ва рейдлар уюштирилиб, соҳа масъуллари ёшлар иштирокида 120 дан ортиқ очиқ мулоқотлар ўтказишган. 

Анжуманда жамоатчилик назорати масканларидан самарали фойдаланиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимининг бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлиги, аҳолига, хусусан профилактик ҳисобда турган шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, жисмоний тазйиқ ўтказилган аёлларга ҳимоя ордери берилиши каби кўплаб масалалар йиғилганлар эътиборида бўлди. Тадбир якунида соҳа вакиллари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтардилар.

  

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech