5 Апрел 2021 йил 914

Босқинчининг режаси ўзини оқламади

 

Ғаллаорол тумани Маржонбулоқ шаҳарчаси Геологлар маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 25 ёшли йигит шу йилнинг 20 март куни соат 16 лар атрофида қўшнисининг ётоқхонасига ўғирлик мақсадида кирди. Аммо уй соҳибаси уни кўриб қолди.

Шунда жиноятчи аёлни пичоқ билан қўрқитиб, ётоқхонадаги 2 миллион 45 минг сўм пулни олиб чиқиб кетди. Кетар чоғи бу ҳақда жабрланувчи кимгадир “чурқ” этадиган бўлса, ўлдириб кетишини маълум қилишни унутмади. У аёлнинг ҳеч кимга шикоят қилмаслигига ишонганиданми, пул ва пичоқни молхонасига яшириб, ҳеч бўлмагандек юраверди.

 Аммо воқеа у кутганидек ниҳояланмади. Босчқинчидан жабр чеккан аёл ички ишлар органларига мурожаат қилди. Соҳа вакиллари томонидан олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида айбланувчи ушланиб, 2 миллион 15 минг сўм пул ва пичоқ яширилган жойидан холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинди. 

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164- моддаси асосида жиноят иши қўзғатилди. Яъни айбланувчи босқинчилик қилгани учун жавобгарликка тортиладиган бўлиб турибди.

2018 йилда эса маъмурий назорат қоидаларини бузганлиги учун яна судланди. 2019 йилда у қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказганлиги учун эркин ҳаётини қамоққа алмаштирди. Энди эса босқинчилик қилганлиги учун жазога тортилади.

Кишини ўйлантирадиган тақдир. Ёши эндигина 25 ни қоралаган йигит ҳаётининг бир қисмини панжара ортида ўтказган, яна бир қисмини увол қилиш арафасида турибди. У содир этган жиноятлар эса тарбия борасида катта хатога йўл қўйилганлигини сездиради.

Хуллас, кўр ҳассасини бир марта йўқотади, деган мақол бу йигитга тааллуқли эмасга ўхшайди. Балки букрини гўр тўғирлайди, дегани мос келар.   

 

Жиззах вилоят ИИБ ахборот хизмати

Text to speech