15 Феврал 2021 йил 380

Ҳарбий қисмда курс фаолият кўрсатмоқда

Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги ҳарбий қисмда ички ишлар органлари ходимлари учун ихтисослаштирилган ўқув амалий курслари ташкил этилди. Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлигининг қўшма қарори асосида уюштирилган ўқув жорий йилнинг 1 февралида бошланди. Унда Жиззах вилояти ички ишлар органларининг 7  соҳавий хизматидан 60 нафар ходим иштирок этди.

15 кун давомида курс тингловчилари амалдаги ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан ички ишлар органлари фаолиятига оид қонун ва меъёрлар тўғрисида маърузалар тинглашди. Шу билан бирга уларга юртимиз тарихи, буюк аждодларимиз, таниқли саркардалар ҳамда бугунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берилди.

Тингловчилар сафда юриш, қурол-яроғларни қисмларга ажратиш машғулотларида ҳам қатнашдилар. Ўқ отиш тренажёрида эса тўппонча, автомат ва бошқа қуроллардан нишонни уриш машқлари бажарилди. Ўқув дастуридан тўсинда тортилиш, тўсиқлардан ўтиш, чопиш, брусда ҳаракатланиш ҳамда жанговар спорт турлари ҳам жой олди.

Машғулотлар асосан ҳарбий офицерлар раҳбарлигида кечди. Худди шундай, Ички ишлар вазирлиги малака ошириш институти мутахассислари соҳавий хизматлар бўйича онлайн дарс ўтдилар. Олинган назарий билимлар вилоятнинг Фориш туманидаги ҳарбий тоғ полигонида мустаҳкамланди. Бу ерда улар жанговар қуролдан ўқ узишга оид малакаларини оширишди. Якунда ўқув иштирокчиларининг билим ва кўникмалари синовдан ўтказилди.

Шундан сўнг курсни тамомлаганларга малака оширганликлари тўғрисидаги сертификатлар топширилди. Ушбу муносабат билан уюштирилган параддан сўнг ички ишлар органлари ходимлари хизмат жойларига қайтдилар.

Ўз навбатида курсга соҳанинг бошқа вакиллари жалб этилди.  Маълумот ўрнида айтиш керак, мазкур ўқув жорий йилнинг 15 октябрига қадар давом этади. Бу даврда вилоятдаги ички ишлар органлари ходимларининг асосий қисмини қамраб олиш кўзда тутилган.

 

  Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech