18 Октябр 2021 йил 69

Амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси ҳамда унинг қуйи бўлинмаларида жорий йилнинг 9 ойида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Тадбирда, шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда эксперт криминалистика бўлими фаолияти ҳам муҳокама этилди.

Йиғилишда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси ва унинг қуйи тизими ходимлари томонидан амалга оширилган ишлар хусусида маълумот берилди. Қайд этилишича, ҳисобот даврида кўрилган жиноят ишларининг қарийб 80 фоизи тамомланиб, жиноят оқибатида етказилган моддий зарарларнинг 79 фоизи ундирилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги “Ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан қилинган ишлар ҳам тилга олинди. Маълум қилинишича, Шароф Рашидов туман ички ишлар бўлими ҳамда Жиззах шаҳар ва Зомин тумани ички ишлар бошқармалари тергов бўлимлари биноларида тергов жараёнларини стенография қилиш, видеоназорат, тергов ҳаракатларини аудио ва видео шаклида ёзиб олиш тизимларини ўзида мужассам этган махсус тергов хоналари ташкил этилди.

Бундан ташқари, Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими биносида инновацион виртуал тергов полигони ташкил этилди. Ўрнатилган дастурий таъминот ёрдамида исталган ҳодиса жойи модели яратилади. Бу ўз навбатида терговчи ёки суриштирувчи виртуал тарзда воқеа юз берган манзилни илмий ва назарий асосланган ҳолда кўздан кечириши ва шу орқали амалиётда йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоларнинг олди олинади.

Йиғилиш давомида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси мигрция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда эксперт-криминалистика бўлимларининг фаолияти ҳам таҳлил этилди. Айтиш жоизки, эксперт криминалистика бўлими ходимлари жиноят ва ҳодиса жойини кўздан кечириш, тергов ҳаракатлари, тезкор қидирув тадбирларида мутахассис сифатида иштирок этишган. Муҳокамада ўтказилган экспертиза ва текшириш ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Тадбирда кўрилган масалалар атрофлича муҳокама этилиб, галдаги вазифалар белгиланди. Якунда ҳудудда ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни мустаҳкамлаш, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб, ижобий натижаларга эришган бир гуруҳ ходимлар вилоят ички ишлар бошқармасининг фахрий ёрлиғи, бадиий китоблар жамланмаси билан тақдирланди. Шунингдек, бир неча ходимларнинг ота-оналарига ташаккурномалар топширилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech