12 Январ 2021 йил 329

3- секторда сермазмун мулоқот

Республикамиз Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар органлари, солиқ идоралари масъуллари жойларда аҳоли муаммоларини бартараф этиш, ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида бир қатор самарали тадбирларни амалга оширмоқдалар.

Чунончи, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров томонидан жойларда мунтазам равишда сайёр қабуллар ўтказилаётир. Бу жараёнда 3- сектор раҳбари бошчилигида ҳудудлардаги корхоналар фаолияти ўрганилиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш чоралари кўриляпти. Хусусан, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Мирзачўл тумани марказидаги жинси мато ҳамда тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Мирзачўлтекс” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. Маълумот ўрнида айтиш керак, ҳозирда мазкур корхона томонидан иккиламчи хом ашёдан эшик ва дераза ромлари тайёрлашда қўлланиладиган пластик профиллар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Қурилиши қизғинлик билан амалга оширилаётган янги бўлимни ишга тушириш 2021 йилнинг май ойига режалаштирилган. Бу эса 200 киши меҳнат қилаётган корхона ишчилари сонини яна 100 нафарга оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, 3- сектор раҳбари ҳудуддаги йилига 235 минг дона шифер тайёрлаш қувватига эга “Next group story” масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлди. 80 нафар ишчи меҳнат қилаётган мазкур корхонада қоп ишлаб чиқариш цехи фаолиятини йўлга қўйиш  орқали иш ўринлари сонини 115 тага етказиш мўлжалланган. Ушбу масъулияти чекланган жамияти вакиллари томонидан коммунал соҳада муаммолар мавжудлиги маълум қилинди. 3- сектор раҳбари мазкур масала тегишли идоралар жалб этилган ҳолда ҳал қилинишини билдирди.

Шундан сўнг вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи туманнинг 3- секторида жойлашган Ўзбекистон қишлоқ фуқаролар йиғинида бўлиб, уй-жойга эга бўлмаган 14 та эҳтиёжманд оилалар вакилларига хонадон калитларини топширди. Ушбу 2 ва 3 хонали турар жойлар 3- сектор раҳбари ташаббуси билан ҳудуддаги қаровсиз бир нечта биноларни реконструкция қилиш йўли билан барпо этилган. Тадбир давомида янги уй соҳибларига маиший электротехника буюмлари топширилди. Қисқаси, 14 та оила Янги йилни ўз уйида нишонлайдиган бўлди.

- 6 йилдан буён 3 фарзандим билан ижарама ижара яшаётган эдим, - дейди Гулруҳ Норуллаева. Ниҳоят уйли бўлдим. Бунинг учун Президентимиздан, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3- сектор раҳбари Ғайрат Қодировдан ҳамда барча ички ишлар органлари ходимларидан миннатдорман.

Тадбир давомида 8 нафар фуқаролиги йўқ шахсларга Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспортлари тантанали равишда топширилди. Айтиш жоиз, уларнинг аксарияти мамлакатимиз фуқаролигини олишни қарийб 30 йил кутганлар. Шунингдек, кам таъминланган оилалар вакилларига озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда уларнинг фарзандларига қишки кийимлар берилди. Ҳудудда яшовчи ёш спортчилар ҳам тақдирланди. Шу куни 3- сектор раҳбарининг Ўзбекистон қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолиси билан мулоқоти бўлиб ўтди.

Сайёр қабул давомида ишга жойлашиш, ҳудудда ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятини йўлга қўйиш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, тадбиркорлик фаолияти учун кредит ажратиш каби қатор масалалар юзасидан мурожаатлар қилинди. Ҳокимлик ҳамда бир қатор ташкилот ва корхоналар масъуллари ёрдамида бу муаммоларни ҳал этишга келишиб олинди.

Сайёр қабул доирасида Ўзбекистон қишлоқ фуқаролар йиғини марказида Янги йил муносабати билан озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди. Аҳолига кўмир ва суюлтирилган газ етказиб берилди. Мирзачўл тумани ички ишлар бўлими ташаббуси билан Боғдон кўчасига шағал ётқизилди. Маълумот ўрнида айтиш керак, 3- сектор раҳбарининг навбатдаги сайёр қабули Шароф Рашидов туманида бўлиб ўтади. 

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech