22 Ноябр 2021 йил 445

Жиззахда жанговар қуроллардан фойдаланишга оид назарий машғулот ўқуви  ўтказилди

Вилоят ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазирининг 2021 йил 21 октябрдаги “Ички ишлар органлари маънавий-маърифий ишлар хизмати фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги буйруғи ижросини таъминлашга қаратилган ўқув бўлиб ўтди.

Тадбир доирасида ички ишлар органлари ходимлари ўртасида хизмат, жанговар, жисмоний, ахлоқий ва психологик машғулотлар ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Шунингдек, жанговар қуроллардан фойдаланишга оид назарий машғулот уюштирилди. Вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда соҳавий хизматларнинг раҳбар ва масъуллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилиш аввалида республика Ички ишлар вазирининг 2021 йил 21 октябрдаги “Ички ишлар органлари маънавий-маърифий ишлар хизмати фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги буйруғи хусусида атрофлича сўз юритилди.

Чунончи, мазкур буйруқ ички ишлар органлари маънавий-маърифий ишлар хизмати фаолияти билан боғлиқ буйруқларни амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлаштириш, бу йўналишдаги фаолиятни янгича тартибда ташкил этиш учун асос бўлувчи ягона ҳуқуқий базани юзага келтириш, бир-бирини такрорловчи ёки турлича талқин қилинувчи нормаларни бирлаштириш орқали амалий фаолиятни соддалаштириш, “ходимбай” тизимини ҳаётга самарали татбиқ этиш учун омил бўлади. Айни мақсадда вазирликнинг маънавий-маърифий ишларга оид 17 та буйруғи бирлаштирилган.

Умуман олганда мазкур буйруқ асосида  “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз” ғояси асосида ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ишлаб чиқилди. Маънавий-маърифий ишларга масъул раҳбарларнинг ваколат ва мажбуриятлари белгиланди. Шунингдек, эндиликда ходимлар билан боғлиқ муаммоларга индивидуал ёндашиш ва уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш мажбурий ҳисобланади.

Бундан ташқари ташаббус билан аниқланадиган қонунбузарликлар сони ортганлиги учун масъуллар фаолияти салбий тавсифланмайди. Ўз навбатида маънавият ва маърифат дарслари бўйича имтиҳонларда қониқарсиз баҳоланган ички ишлар органлари ходимлари рағбатлантириш, унвон ва лавозимларга тавсия этилмайди. Худди шундай салбий хатти-ҳаракатлар содир этган ходимнинг раҳбари маънавий-маърифий ишларга масъуллар билан бирдек жавоб беради. Буйруқ соҳага оид шу каби яна бир қанча ўзгаришларни ўз ичига олган.

Тадбир давомида ички ишлар органлари ходимларининг хизмат, жанговар ва жисмоний салоҳиятини ошириш, ахлоқий сифатларини кучайтириш, шахсий таркибда психологик тренинглар уюштириш масалалари кўриб чиқилди. Йиғилишда китоб мутолааси, давлат тилида иш юритиш ҳамда ички ишлар органлари ходимлари учун жорий этилган имтиёзлардан фойдаланиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Сўнг жанговар қуроллардан фойдаланишга оид назарий машғулот бўлиб ўтди. Бу жараёнда тўппонча ва автоматик қуролларнинг техник-тактик таснифи, самарали қўллаш услублари, хусусан тўғри нишонга олиш ҳамда эҳтиёт чоралари юзасидан маълумотлар берилди.

 

Text to speech