14 Сентябр 2021 йил 459

Жиззахда масофавий суд амалиёти йўлга қўйилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан 2021 йил 1 сентябрдан профилактика инспекторлари ваколатига кирувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритуви тўлиқ электрон шаклга ўтказилди ва профилактика инспекторларининг суд мажлисларида «масофавий» тарзда қатнашиш амалиёти жорий этилди. Мазкур қарорнинг ижроси Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлимида ҳам таъминланмоқда. Шу маънода хизмат хонаси веб камера, компьютер жамланмаси ва бошқа ахборот коммуникация воситалари билан тўлиқ жихозланди ва интернет тармоғига уланди. Суд мажлислари ўтказилиши йўлга қўйилди.

2021 йил 25 август куни соат 17:30 лар атрофида Шароф Рашидов тумани Пастки сўлоқли МФЙ ҳудудидан ўтган темир йўлнинг пиёдалар ўтиш йўлагидаги пост масканида Зарбдор ҳарбийлаштирилган ўқчилик командаси ўқчиси Н.Сирлибеков хизмат олиб бораётган вақтида унга нотаниш бўлган фуқаро темир йўл ҳудудига огоҳлантирилишига қарамасдан кириб келади. Ушбу шахс жамоат жойида жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимай ҳеч қандай сабабсиз баланд овозда ҳақоратомуз, уятсиз қилиқлар билан ўқчининг талабларига бўйсинмаган.

Жиззах вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи профилактика инспекторлари  томонидан олиб борилган терговга қадар текшириш ишлари давомида ушбу фуқаро Ш.Рашидов туманида яшовчи 1995 йилда туғилган С.С. эканлиги маълум бўлди. Ушбу фуқаронинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддасида (майда безорилик) кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли, ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 2021 йил 13 сентябрь куни тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқишлик учун жиноят ишлар бўйича Шароф Рашидов тумани судига электрон шаклда юборилди.

Шу куннинг ўзида Жиноят ишлар бўйича Шароф Рашидов тумани суди томонидан Жиззах вилоят ИИБ транспортда ХТБда масофавий тарзда суд мажлиси ўтказилди. Судда фуқаро С.С. Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддасига асосан ҳуқуқбузар деб топилиб, унга нисбатан тегишли маъмурий жазо қўлланилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech