24 Феврал 2021 йил 486

Жиззахда касаба уюшма ташкилотлари раислари ва аъзоларининг ҳисобот йиғилиши ўтказилди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари бирлашган касаба уюшмасининг 2020 йилда жамоа шартномаси бажарилишига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ички ишлар органлари соҳавий хизматлари бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари ва аъзолари иштирок этдилар.

Йиғилишда ўтган йилда ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган ходимлар ўртасида ижтимоий, иқтисодий, меҳнат ва касбга оид муносабатларни тартибга солишга қаратилган жамоа шартномасида белгиланган талабларнинг бажарилиши хусусида маълумотлар берилди. Таъкидланишича, вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари бирлашган касаба уюшмасининг асосий эътибори шахсий таркибнинг ижтимоий муҳофазаси ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, хизмат интизоми ва қонунчилик бузилишининг олдини олишга қаратилган.

Тадбирда самарали хизмат учун қулай шарт-шароитлар яратилиши борасида қилинган ишлар, ўз вазифасига виждонан ёндашиб, садоқат билан хизмат қилган ходимлар, моддий кўмакка муҳтож ички ишлар органлари ходимларининг оилалари қўллаб-қувватлангани билдирилди. Йил давомида фахрийлар ҳолидан хабар олиниб, ходимларнинг эътиборга молик қадамжолар, зиёратгоҳ ва тарихий обидаларга саёҳати ташкил қилинган. Ҳисобот даврида юксак касбий маҳорати, ҳарбий ва ватанпарварлик хислатлари, бурчига садоқатини намоён этган, ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш ишидаги алоҳида хизматлари учун тўрт нафар ходим “Шуҳрат”, икки нафари “Содиқ хизматлари учун” медаллари билан тақдирланди.

Йиғилишда бирлашган касаба уюшма раиси таркибдаги бошланғич ташкилотлар, аъзолар, тушум ва ҳаражатлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, ички ишлар органлари ходимлари пандемия даврида моддий ва маънавий қўллаб–қувватланган. Хизмат вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оилаларига ғамхўрликлар кўрсатилган. Шунингдек, ходимлар ва уларнинг ота-оналари соғломлаштирилди, сиҳатгоҳларга йўлланмалар берилди.

Йиғилишда 2021 йил учун тузилажак жамоа шартномасига айрим қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар билдирилди. Жамоа шартномасининг ижроси муҳокамасига бағишланган тадбир якунида тегишли қарор қабул қилинди.

 

Жиззах вилоят ИИБ ахборот хизмати

Text to speech