3 Март 2021 йил 585

Жиззахда инспекторлар малака оширишмоқда

ИИВ Жиззах академик лицейида ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларининг соҳага оид билим ва кўникмалари бойитилди. Хизматнинг 15 нафар вакилларига ИИВ малака ошириш институтининг профессор ўқитувчилари сабоқ бердилар. Сайёр ўқув йиғини давомида республикамиз Президенти томонидан ички ишлар органларига қўйилган талаблар ҳамда фаолиятга доир ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва ижросини таъминлаш тартиб-тамойиллари хусусида атрофлича маълумот берилди.

Чунончи, ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари томонидан мамлакатимиз раҳбарининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларини самарали бажариш масалаларига эътибор қаратилди. Таълим жараёнида замонавий ахборот-ўқув технологиялари ва илғор педагогик услублардан кенг фойдаланилди.

ИИВ малака ошириш институти вакиллари томонидан ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари фаолиятида ҳамда ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида юзага келаётган мураккабликларни аниқлашга қаратилган сўровнома ўтказилди. Бу тадбир келгусида ушбу муаммоларни ҳал қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш нуқтаи назаридан ташкил этилди.

5 кун давом этган ўқув якунида инспекторларнинг билим ва малакалари тест орқали синалди. Имтиҳондан муваффақиятли ўтганларга сертификатлар топширилди.  Маълумот ўрнида айтиш керак, мазкур сайёр ўқув йиғини республикамиз Президентининг 2017 йил 16 августдаги “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 28 августдаги “Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари асосида уюштирилди.

Шунингдек, ИИВ малака ошириш институти профессор ўқитувчилари иштирокида ИИВ Жиззах академик лицейида “Тил – миллат кўзгуси” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда ўзбек тилининг тарихий аҳамияти, тилимизнинг мавқеини ошириш, лотин алифбосига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш каби қатор масалалар юзасидан фикр ва мулоҳазалар юритилди. Давра суҳбатида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.  

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech