6 Май 2022 йил 312

Ёшлар Фориш тоғ полигонида

9-май Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейида қатор тадбирлар уюштирилмоқда. Навбатдаги тадбир Фориш тоғ полигонида ўтди. Ўқувчи ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида, бурчига садоқатли, фидойи ва мард, жасур қилиб тарбиялаш, сарҳадларимиз дахлсизлигини сақлаш йўлида хизмат қилаётган ҳарбийлар ҳаёти ва уларга яратилган шароитлар билан яқиндан таништириш мақсад қилинган тадбир давомида иштирокчилар ҳарбий хизматчилар ётоқхонасини кўздан кечиришди. Шунингдек, жаҳон ва миллий адабиётимиз дурдоналари билан бойитилган замонавий кутубхона ўқувчилар эътиборини қозонди.

Таъкидлаш жоиз, ўтган йиллар давомида ушбу маскан замон талабларига мослаштирилиб, шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини оширишга қаратилган энг илғор қулайликлар яратилди. Бунинг натижасида база инфартузилмаси янгиланди. Сузиш ҳавзаси, спорт зал бугун ҳарбий хизматчилар ихтиёрида. Ёшлар ушбу имкониятлар билан ҳам танишиб, замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни ҳам кўздан кечиришди. Уларга ушбу қуроллар ва техникаларнинг афзалликлари ва техник-тактик хусусиятлари ҳақида маълумот берилди.

Қайд этиш жоиз мазкур тадбир мамлакатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ҳамда Қуролли кучлар тизимида ҳафтанинг жума куни “Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни” муносабати билан ташкил этилди.

Бундан ташқари, лицей ўқувчилари Жиззах шаҳридаги Хотира хиёбонида ҳам бўлишди. Бу масканда ота-боболаримизнинг кўрсатган қаҳрамонлик ва жасоратлари ҳақидаги билимларини оширишди ва мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйишди.

Text to speech