27 Апрел 2022 йил 320

Янгикентда ёшлар фестивали бўлиб ўтди

Жиззах вилояти ИИБ ташаббуси билан Зарбдор туманининг Янгикент қишлоқ фуқаролар йиғинида ёшлар фестивали бўлиб ўтди. “Беш муҳим ташаббус маҳаллаларда” шиори остида ўтказилган тадбирда ҳудуддаги таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда маҳалла ёшлари иштирокида шахмат-шашка, стол тенниси, волейбол, футбол, бадминтон, арқон тортиш бўйича мусобақа уюштирилди.

Шунингдек, “Зукко китобхон” кўрик-танлови ташкил қилинди. Мазкур танловда ҳудуддаги 18- сонли ўрта умумтаълим мактабида билим олаётган китобхонларнинг салоҳияти “Мен севган асар”, “Баҳру байт” ва “Савол-жавоб” шартлари асосида синовдан ўтказилди.

Бундан ташқари Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус доирасида тасвирий санъат, архитектура, ҳунармандчилик соҳасида юқори натижаларга эришаётган ёшларнинг ижодий ишлари кўргазмаси ва бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил қилинди. Худди шундай, Янгикент тарихига оид қадимий буюмлар намойиш этилди.

Фестиваль давомида Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшларнинг илм олишлари учун яратилган шароитлар, уларни иш билан таъминлаш, иқтидорлиларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар, 3- сектор масъулларининг ёшлар етакчилари билан ҳамкорлиги тўғрисида тўхталди. Шундан сўнг спорт мусобақалари ва “Зукко китобхон” кўрик-танлови ғолибларига диплом ва совғалар топширилди.

Фестивалда Жиззах вилояти ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ходимлари ҳам кўргазмали чиқиш қилдилар. Улар қўл жанги ва жанговар қуроллардан фойдаланган ҳолда ғанимни бартараф этишга оид қудратларини намойиш этишди.

Худди шундай ички ишлар органлари кинологлари хизмат итлари ёрдамида қонунбузарлар изига тушиш, қуролланган жиноятчиларни зарарсизлантириш, қурол ва наркотик моддаларни топиш борасидаги имкониятларини кўрсатдилар. Фестиваль доирасида концерт ҳам уюштирилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech