25 Сентябр 2022 йил 369

Вазир ўринбосари ИИВ Жиззах академик лицейида ўтказилган тадбирда иштирок этди

Жорий йилда ИИВ Жиззах академик лицейи капитал таъмирланди. Шу билан бирга таълим муассасаси ҳудудида 400 ўринли ўқувчилар турар жойи ҳамда 300 ўринли ошхона бунёдга келтирилди. Мазкур муносабат билан ташкил этилган очилиш маросимида Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икрамов иштирок этди.

Вазир ўринбосари дастлаб лицейда яратилган шароитлар билан танишди. Бу жараёнда у синфхоналарнинг анжом ва воситалар билан таъминланиши ҳамда 6 минг 618 та ўқув ва бадиий адабиётга эга ахборот ресурс маркази, шунингдек электрон кутубхонада юзага келтирилган имкониятларга эътибор қаратди.  

Худди шундай, ўқувчилар турар жойи кўздан кечирилди. Мазкур бинодаги ҳар бир хона 3 кишига мўлжалланган ва зарурий мебеллар билан таъминланган. Ювиниш, кир ювиш ва кийимларни дазмоллаш шароитлари мавжуд. Ошхонада ҳам таом тайёрлаш ва овқатланиш учун қулай имкониятлар яратилган.  

Шу куни генерал-майор Азизбек Икрамовнинг лицей ўқувчилари билан мулоқоти бўлиб ўтди. Учрашув давомида вазир ўринбосари улғайиб келаётган авлод вакилларининг билим олишлари, касб-ҳунар эгаллашлари ва уларни иш билан таъминлашга қаратилган ислоҳотлар тўғрисида сўз юритди. ИИВ тизимидаги ўқув муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, соҳада илғор давлатлар тажрибаларини қўллаш, ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоялаш борасида амалга оширилаётган тадбирлар ҳам тилга олинди. Ўз навбатида Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров лицейда таълим сифатини юксалтириш мақсадида бажарилиши кўзда тутилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Айтганча, жорий йилда ИИВ Жиззах академик лицейини тамомланган 387 нафар битирувчининг 224 нафари олий таълим муассасаларига қабул қилинган.           

Шу куни ўқув муассасасида Жиззах вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Ҳамидулло Абдуллаев маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати фойдаланишни бошлаган “e Jizzax baza” электрон маълумотлар тизими тақдимотини ўтказди. Ушбу маълумотлар базаси жетон рақамини киритиш орқали ходимнинг шахсига доир ҳамда жанговар, жисмоний, маънавий-маърифий салоҳияти, эришган ютуқлари, аттестация натижалари каби маълумотларни қисқа вақтда олиш имконини беради. Шунингдек, маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати масъулларини боғловчи видеоалоқа тизими тақдимоти уюштирилди.

Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икрамов билан ўтказилган мулоқотлар давомида вилоятда амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор вазифалар белгилаб олинди. Чунончи, академик лицей ҳудудидаги бўш бинода муайян шароитларни яратиш орқали ички ишлар органлари ходимларини ўқитиш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, жанговар ва жисмоний тайёргарлигини кучайтириш ҳамда уларни синовдан ўтказиш марказини бунёдга келтириш юзасидан тавсиялар билдирилди.     

Text to speech