6 Май 2021 йил 480

Турнир ғолиблари муносиб тақдирланди

 

Жиззах вилояти ички ишлар органлари соҳавий хизматлари ва ҳудудий бўлимлари шахсий таркиби ҳамда Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи жамоалари ўртасида “9- май Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан ташкил этилган хотира турнири якунланди.

Вилоят ички ишлар органларида хизмат қилиб, Ватан олдидаги бурчини бажариш чоғида вафот этган ходимлар хотирасига бағишланган мусобақа 3 кун давом этди. Мусобақа финалида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ҳамда Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи футбол жамоалари учрашдилар. Қизғин кечган беллашув якунида йирик ҳисоб билан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси футбол жамоаси ғолибликни қўлга киритди.

Мусобақа ғолибларини тақдирлаш тадбирига марҳум ходимларнинг оила аъзолари таклиф этилди. Тадбирда юрт тинчлиги, эл осойишталигини таъминлаш йўлида азиз жонини қурбон қилган мард ўғлонларнинг ибратли ҳаёти ёд этилиб, хотираси ҳамиша барҳаёт эканлиги таъкидланди. Шунингдек, оила аъзоларига ички ишлар ходимлари бирлашган касаба уюшма қўмитасининг пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

Тақдирлаш тадбирида волейбол бўйича ўтказилган мусобақа ғолиблари бўлган Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи, Фориш ва Бахмал тумани ички ишлар бўлимлари жамоалари тақдирланди. Футбол бўйича турнирда биринчиликни эгаллаган вилоят ички ишлар бошқармаси жамоаси, кейинги ўринларни банд этган Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи ҳамда патрул-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси жамоаларига эсдалик совғалар топширилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech