15 Сентябр 2022 йил 369

Сайёдда сайёр қабул

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Фориш тумани Сайёд маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказди. Сектор раҳбари қабул аввалида маҳалладаги 7- сонли ўрта умумтаълим мактабида ҳунармандларнинг буюмлари, зардўзлик ва ёш рассомларнинг санъат асарлари кўргазмаси билан танишди. Уста ва ҳунармандлар билан мулоқотда фаолиятни кенгайтириш, ўнаётган авлодга касб-ҳунар сирларини ўргатишлари лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, ёшлар ўртасида оммавий спорт турлари ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасидаги ишларни ҳам ўрганди.

Маълум қилинишича, муассасада турли спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилиб, шахмат-шашка, стол тенниси ва бадминтон, волейбол бўйича доимий спорт мусобақалари уюштирилиб борилади. Сектор раҳбари шу ерда мактабнинг фаол ва билимдон, ташаббускор ўқувчиларини тақдирлади. Шунингдек, мактаб педагогик жамоасига китоблар тўплами ва спорт жиҳозлари топширилди.

Шунингдек, 3- сектор ҳудудидаги маҳаллаларда яшовчи ижтимоий ҳимояга мухтож фуқароларнинг бир гуруҳига суғориш анжомлари, олий таълим муассасасида таълим олаётган ёшларга шартнома тўловининг бир қисми ўтказилганлиги ҳақидаги сертификатлар берилди.

Сектор раҳбарининг аҳоли ва ёшлар билан учрашувида фуқаролар томонидан қатор муаммолар кўтарилди. Хусусан, ушбу маҳаллада яшовчи Бегзод Худойбердиев бандлик ва маҳалланинг ички кўчаларини таъмирлашда амалий ёрдам сўради. Шердил Қосимов эса эски қишлоқ врачлик пункти биносини таъмирлаш ва ишга тушириш, маҳалла гузари қурилиши, Худойқул Отамуродов Назарбели қишлоғида 4 километр ички йўлларни соз ҳолатга келтириш, электр тармоқлари учун бетон устунлар ўрнатиш, аҳолини бир маромда табиий газ билан таъминлаш масаласини баён этди. Самарқанд давлат Архитектура-қурилиш институтининг 2- босқич талабаси Аброр Ниятов шартнома пулларини тўлашда кўмакка муҳтожлигини баён этди.

Мулоқот давомида худди шундай, уй-жойини таъмирлаш, ичимлик суви, уй-жой солиғи бўйича тушунтириш бериш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, кредит тўлови муддатини узайтириш каби 20 дан зиёд масалаларга ечим изланди. Шу билан бирга Сайёд маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида туризмни ривожлантириш мақсадида 20 та меҳмон уйларини қуриш учун аукцион орқали ер ажратиб бериш билан боғлиқ масала ҳам мутасаддилар иштирокида кўриб чиқилди.

Қабулда мурожаатларнинг аксарияти жойида бартараф этилиб, “маҳаллабай” ва “фуқаробай” иш самарадорлигини ошириш, аниқланган ижтимоий масалаларни бартараф этиш юзасидан сектор раҳбарлари ва тегишли идоралар масъуллари ҳамда ҳоким ёрдамчиларига топшириқлар берилди. Ушбу муамоларнинг ечими бўйича аниқ муддатлар белгиланди.

Text to speech