29 Апрел 2022 йил 328

Муаммолар ечим топмоқда

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Мирзачўл тумани Ғалаба маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи бир неча хотин-қизнинг турар жойлари ёмғирли кунларда зах тортиб, деворлари ёрилаётгани, биноларнинг сифатсиз қурилганлигига оид мурожаатлари тарқалди. Маълумот ўрнида айтиш керак, ушбу аёлларнинг барчаси муқаддам туман марказидаги вақтинча яшашга мўлжалланган барак уйларда истиқомат қилишган. 2018 йилда Гагарин шаҳрида кўплаб биноларнинг қайтадан барпо этилиши натижасида улар кредит асосида янги қурилган турар жойлар билан таъминланганлар.

Аммо лойиҳалаш ҳамда қурилишдаги нуқсонлар сабаб бир қанча уйда аёллар ижтиомий тармоқда баён қилганидек вазият юзага келган. Шу маънода Жиззах вилояти ва Мирзачўл тумани секторлари, қурилиш, коммунал, архитектура ва лойиҳалаш йўналишидаги ташкилот ва корхоналар раҳбарлари Гагарин шаҳрида йиғилдилар. Тадбир давомида турар жойлардаги нуқсонларни бартараф этиш чоралари белгилаб олинди.

Чунончи, тегишли мутахассислар томонидан биноларнинг таъмир харажатларини аниқлаш ва қисқа муддатларда уйлардаги яшаш шароитларини ўнглаш, шунингдек камчиликларга йўл қўйган қурилиш корхоналари ҳамда уйлар созлиги тўғрисида хулоса берган масъулларни тегишли тартибда жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилди. Худди шундай, қурувчиларнинг айбини очиб қўйган узлуксиз ёмғир сабаб тўпланган сувни тортиш учун лотоклар ўрнатиш ва қувур ётқизиб, мавжуд дренажга улаш ёки янги дренажни юзага келтиришга келишиб олинди. Якунда Ғалаба маҳалла фуқаролар йиғинидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида тузилган ишчи гуруҳининг биринчи галдаги вазифалари муҳокама қилинди.

Сўнг йиғилиш қатнашчилари зарар кўрган бир неча хонадонларни кўздан кечирдилар. Шу ерда фуқаролар билан мулоқотлар ўтказилди. Уларнинг фикрлари тингланиб, турар жойларни таъмирлаш ва ёғин сувлари босишининг олдини олиш бўйича қилинажак ишлар ҳақида маълумот берилди. Айтиш жоиз, айни вақтда турар жойларни босқичма босқич таъмирлашга киришилган. Саноқли кунларда камчиликлар аниқланган барча турар жойларда қурувчилар фаолият кўрсата бошлайди.

Яна бир маълумот: 2021 йилда 47 та оиланинг эҳтиёжмандлиги инобатга олиниб, тўланмаган кредит тўловларини сўндириш учун бюджетдан 1 миллиард 209 миллион сўм тўлаб берилган. Аҳоли билан мулоқотларда мазкур уйларда яшовчи оилалар вакилларини ишга жойлаштириш чоралари белгиланиши маълум қилинди. Қисқаси, ғалабаликлар муаммоларига ечим тошиш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.

Text to speech