27 Май 2022 йил 340

Муаммо бартараф этилмоқда

Шу йил баҳорнинг ёмғирли кунларида Мирзачўл тумани Ғалаба маҳалла фуқаролар йиғинидаги Барокат, Янгиобод, Янгиҳаёт кўчаларини сув босди ва турар жойлар турли даражада зарар кўрди. Муаммонинг юзага келишига ҳудудда ариқ ва сув тортувчи дренажларнинг барпо этилмаганлиги сабаб бўлди.

Ўз навбатида аҳоли мурожаатлари асосида айни кунларда мазкур уйларни таъмирлаш ва сизот сувлар тўпланишининг олдини олишга мўлжалланган тармоқлар юзага келтирилмоқда. Шу маънода Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Ғалабада бўлиб, қурилиш ва таъмирлаш ишларининг суръати ва сифати билан танишди.

Маълумот ўрнида айтиш керак, маҳалладаги уйларнинг 29 таси зах туфайли сезиларли даражада зарар кўрган. Бундан ташқари 58 та уйга қисман зиён етган. Муаммоларни ҳал қилиш турар жойлардаги камчиликларни бартараф этишдан бошланди ва ишга 150 га яқин қурувчи жалб қилинди.

Худди шундай, кўчаларга лоток ўрнатиш учун ер ковланмоқда. Жами 5 километру 700 метрлик лотоклар ўрнатиш режалаштирилган. Бундан ташқари 50 метр чуқурликка эга 3 та дренаж қудуғи қазилади. Тўпланган сувларни ҳудуддан чиқариш ва зовурга тушириш учун яна 700 метр атрофида йирик ҳажмли лотоклар ўрнатилади. Бу ишлар учун Жиззах вилояти ҳокимлиги 2 миллиард сўм, “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси эса 800 миллион сўм ажратди.

3- сектор раҳбари Ғалабадаги турар жойларда таъмирлаш ишларини олиб бораётган масъуллар билан мулоқот ўтказар экан, аҳоли учун қулай шароитлар яратиш, ободонлаштириш ишларини сифатли амалга ошириш бўйича тавсия ва топшириқлар берди. Бу жараёнда фуқаролар бандлигини таъминлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Қисқаси, муаммолар тез орада ечим топадаган кўринади. Айтганча,  2021 йилда Ғалаба маҳалласида яшовчи 47 та оиланинг эҳтиёжмандлиги инобатга олиниб, тўланмаган кредит тўловларини сўндириш учун бюджетдан 1 миллиард 209 миллион сўм тўлаб берилган.

Шу куни Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Фориш туманининг Эгизбулоқ қишлоқ фуқаролар йиғинида бўлиб, селдан кўрилган зарар оқибатларини бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар жараёни билан ҳам танишди.

Text to speech