22 Апрел 2022 йил 459

Кучлилар жиззахда синалди

18-22 апрель кунлари Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги ҳарбий полигонда Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳри, вилоятлар ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар батальон ва отрядлари, ИИВ қоровул қўшинларининг махсус вазифаларни бажарувчи тезкор отряди ҳамда ИИВ жазони ижро этиш департаментининг тезкор ҳаракатланувчи отряди терма жамоалари иштирокида кўпкураш ўтказилди.

Мусобақанинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек ички ишлар органлари ходимларининг интеллектуал, жисмоний ва жанговар тайёргарлигини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида тўхталдилар.

Мусобақа давомида 18 та терма жамоа “Минора”, “Тактик воқеа”, “Ҳужум”, “Умумҳарбий тўсиқлар йўлагидан ўтиш”, “Офицерни қутқариш” “10 километр масофани босиб ўтиш” шартлари асосида куч синашди. Ушбу анъанавий кўпкураш мусобақаси иштирокчилари сони йилдан йилга ортмоқда. Чунончи, ИИВ жазони ижро этиш департаментининг тезкор ҳаракатланувчи отряди ҳамда Фарғона вилояти ИИБнинг Сўх туманида фаолият олиб бораётган тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди терма жамоалари беллашувларда илк бор қатнашди. Худди шундай, мусобақада республика Давлат хавфсизлик хизмати, ИИВ халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари қўмондонлиги, республика Миллий гвардияси қўмондонлиги махсус отрядлари вакиллари кузатувчи сифатида ҳозир бўлдилар.

Айтиш жоиз, мусобақанинг ёпилиш маросими тантанали тарзда ташкил этилди. Тадбирда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, Мудофаа вазирлиги жанговар тайёргарлик бош бошқармаси бошлиғи, полковник Раҳматулла Раҳмонов ҳамда ИИВ махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Суннатали Абдукадиров ғолибларни қутлади.

Натижаларга келадиган бўлсак, пойтахт жамоаси 1- ўринни, мезбонлар 2- ўринни қўлга киритдилар. Тенг миқдорда очко жамғарган Тошкент, Навоий ва Сурхондарё вилоятлари вакилларига 3- ўрин насиб қилди. Зафар соҳиблари кубок ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Энг илғорлар алоҳида рағбатлантирилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech