30 Сентябр 2022 йил 307

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан байрам табриги

Ҳурматли ички ишлар органлари фахрийлари, устоз-муаллимлар!

Бугунги қутлуғ сана билан барча ўқитувчи ва мураббийларни, хусусан Ички ишлар вазирлигининг вилоятимиздаги таълим муассасаларида фидойилик билан хизмат қилаётган устоз-муаллимларни, шунингдек кўп йиллар ички ишлар органларида фаолият юритиб, айни дамда ёш ходимларга мураббийлик қилаётган фахрийларимизни самимий табриклайман.

Ички ишлар органлари тизимини чуқур билимга эга етук кадрлар билан таъминлаш, ҳар томонлама баркамол авлодни шакллантириш, уларга касб сирларини ўргатиш, ватанпарвар, мард ва жасур юрт фарзандларини тарбиялашдек масъулиятли вазифани Сиз - азиз устоз ва мураббийларимиз шараф билан адо этмоқдасизлар.

Халқимиз азал-азалдан устозларни мўътабар ва табаррук зот сифатида эъзозлаб келган. Ички ишлар органлари тизимида ҳам ушбу сана эзгу анъаналарнинг амалдаги ифодаси сифатида кенг нишонланмоқда.

Айниқса, сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда таълим соҳасини тубдан ривожлантириш, ўқитувчи ва мураббийлар, устозларнинг обрў-нуфузини юксалтириш, уларга барча шароит ва имкониятларни яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаяпти.

Мамлакатимизда таълимга, ўқитувчи ва мураббийларга кўрсатилаётган бундай юксак эътибор, ўз навбатида фарзандларимизни буюк аждодларимизга муносиб, замонавий билим ва касб-ҳунарларни мукаммал эгаллаган, она Ватанимиз тараққиётига садоқат билан хизмат қилишга тайёр шахслар бўлиб қадам қўйишларига замин яратиши шубҳасиздир.

Фурсатдан фойдаланиб, ички ишлар органларида илм-фан, таълим-тарбия соҳаларини ривожлантириш, ёшларга замонавий талаблар асосида билим бериш, уларда юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни камол топтириш ишларига улкан ҳисса қўшаётган азиз устозларимизни бугунги сана муносабати билан яна бир бор қутлаб, узоқ умр, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, келгуси фаолиятларида муваффақиятлар тилайман!

Text to speech