31 Май 2022 йил 351

Ижтимоий муаммоларни ҳал этиш чоралари кўриляпти

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Дўстлик туманида бўлиб, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, истеъмол маҳсулотлари нархларининг сунъий оширилишига йўл қўймаслик борасида белгиланган чора-тадбирлар сифатини ўрганди. Сектор раҳбари Алишер Навоий маҳалласидаги савдо мажмуалари ва шохобчаларидаги озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларини кўздан кечириб, масъулларга қимматчиликнинг олдини олиш бўйича тавсия ва топшириқлар берди.

Сўнг бошқарма бошлиғи Алишер Навоий маҳалла фуқаролар йиғини биносида йиғин раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли учун яратилган шароитлар билан танишди. Шу жойда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш ва бандликни таъминлашга оид муаммо ва масалалар муҳокама этилди. Мазкур жараёнда аҳолининг эҳтиёжманд қатламига субсидия ва кредитлар ажратиш, уларни меҳнат қуроллари билан таъминлаш, хонадонбай ишлаш орқали қонунбузарликларга қарши курашиш, ижтимоий муаммоларга ечим топиш, ёшларни спортга жалб қилиш, мусобақалар уюштириш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ғафур Ғулом маҳалласидаги 100 дан ошиқ ишчи меҳнат қилаётган тикувчилик цехига ҳам борди. Корхона масъуллари билан ўтказилган мулоқот давомида тадбиркор қўшимча бино ажратилишида кўмак сўради. Масалага ечим топиш бўйича туман 3- сектор раҳбарига топшириқ берилди.

Бошқарма бошлиғи Чинобод маҳалласидаги 2- сонли ихтисослаштирилган давлат умумий таълим мактабида ҳам бўлди. Бу ерда инспектор-психолог фаолияти ўрганилди, шунингдек йўл ҳаракати хавфсизлиги синфида яратилган шароитлар кўздан кечирилди. Таълим даргоҳида соҳа вакилларига ёзги таътилда ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, йўлларда кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишга доир топшириқ ва тавсиялар берилди.

Text to speech