14 Сентябр 2021 йил 485

Ижодкорлар билан учрашув самарали кечди

Шароф Рашидов туманидаги 14- сонли ўрта умумтаълим мактабида ички ишлар вазирлиги ҳамда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Учрашувда “Эл-юрт осойишталиги генераллари” китоби тақдимоти ва муаллиф билан учрашув ҳам ташкил этилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси, туман ички ишлар бўлими масъуллари, ижодкорлар ҳамда маҳалла фаоллари иштирокидаги тадбирда асосий эътибор ўнаётган авлоднинг маънавий дунёсини бойитишга қаратилди. Шу билан бирга таниқли олим, юридик фанлари доктори Абдуғаффор Сатторов томонидан яратилган, Ички ишлар вазирлиги раҳбариятининг бевосита ташаббуси билан чоп этилган “Эл-юрт осойишталиги генераллари” номли китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди.

 Тадбирда ушбу китобнинг моҳияти, ходимлар хизматида тутадиган ўрни, ички ишлар органлари ходимларида кўп йиллар самарали фаолият юритган, турли мураккаб даврлар, қалтис вазиятларда ҳам ўз жонини аямасдан, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашишга муносиб ҳисса қўшган фидойи ходимларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўз борди. Бугунги ички ишлар органларида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида ҳам сўз юритилиб, муаллифнинг айни дамдаги ижодий ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди.

 

Тадбирда мамлакатимизда ёш авлоднинг таълим олиши, истедод ва иқтидорларини намоён этишлари учун яратилган шароитлар ҳам тилга олинди. Ўқувчилар бугун устозларидан фан сирларини чуқур ўрганиб, келажакда жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган шахс бўлиб вояга етишлари зарурлиги уқтирилди. Шахснинг билимли, зукко, интеллектуал ривожланишида китобнинг ўрни ва аҳамияти тушунтирилди. Ижодий учрашувда китоб муаллифи томонидан мактаб жамоасига эсдалик совғалари ҳамда китоблар тўплами топширилди.

 

Учрашувда ўқувчилар томонидан устозларни улуғловчи қўшиқлар куйланиб, шеърлар ўқилди. Тадбир меҳмонлари мактаб ҳаёти билан танишдилар. Дарс жараёнларини кузатиб, ўқувчилар билан суҳбатда бўлдилар.

Text to speech