8 Октябр 2021 йил 63

Ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийлар саломатлиги тиббий кўрикдан ўтказилди

Бутун инсониятга ташвиш келтирган коронавирус пандемияси шароитида мамлакатимиз тиббиёт ходимлари ҳам аҳоли саломатлигини сақлаш йўлида жонбозлик кўрсатдилар. Инфекция тарқалишининг олдини олиш, беморларни даволаш йўлида бор билим ва маҳоратларини намоён этишди. Ички ишлар вазирлиги томонидан ташкил этилган чуқурлаштирилган тиббий кўрик ҳам пандемиядан кейин муаммоли касалликларни ўрганиш, даволаш, тиббиёт ходимларининг ўзаро ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилди.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси тиббиёт бўлимида ўтган кўрик аввалида тиббиёт ходимлари соғлиқ сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида гапириб, касалликларни барвақт аниқлаш ва ўз вақтида даво чораларини кўриш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги тиббиёт муассасаларида яратилган шароитлар ва қулайликлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Бу каби тиббий тадбирлар ходимларнинг ўзаро малака ва тажриба алмашишларида ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

“Саломатлик поезди” номи остидаги хайрли тадбирда вилоят ички ишлар органлари ходимлари, соҳа фахрийлари, ишчи-хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этдилар. Асатулла Тожибоев кўп йиллар аҳоли осойишталигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасида хизмат қилиб, бугун фарзанд-у неваралари ардоғида. Тиббий кўрикда отахон шифокорлар қабулида бўлиб, саломатлигидаги муаммога ечим топди.

Дарҳақиқат, ўз вақтида ўтказилган тиббий кўрик саломатлик гаровидир. Шу маънода халқимиз тинчлигини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш йўлида хизмат қилаётган ички ишлар органлари ходимларининг саломатлигини сақлашга қаратилган тиббий тадбир айни муддао бўлди дейиш мумкин. Мазкур кўрик давомида кардиолог, невропатолог, кардиовизор, уролог, эндокринолог, жарроҳ, гастроэнтериолог каби мутахассисларидан иборат малакали шифокорлар ходимларга соғлом турмуш тарзи бўйича ҳам тушунтириш ишларини олиб бордилар.

Чуқурлаштирилган кўрик давомида саломатлигини йўқотган ички ишлар органлари фахрийларининг яшаш уйларига борилиб зарур тиббий ёрдам кўрсатилди. Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасалари ва тиббиёт бўлимида даволаниш ҳамда диагностик текширувлардан ўтиш бўйича маслаҳатлар ҳам берилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech