8 Август 2020 йил 310

Хизмат итлари жиноятларни фош этмоқда

Жиззах вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ кинология хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими питомниги Шароф Рашидов туманида жойлашган. Бу ерда Шарқий Европа овчаркаси, Бельгия малинуаси, рус спанели каби 58 та зотдор ит мавжуд. Питомникда жониворлар из қидирув, гиёҳванд моддаларни топиш, портловчи моддаларни қидириш, террорчиларни тутиш ҳамда қўриқлаш йўналишларида тайёргарликдан ўтказилади. Итлар алоҳида дастур асосида махсус жиҳозланган ўқув хоналари ва майдонларда қатъий белгиланган тартибда хизматга ўргатилади.  

Жиззах вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ кинология хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ҳудудларда 4 та гуруҳга эга. Чунончи, 1- сонли кинология гуруҳи Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов, Пахтакор, Зафаробод ва Фориш туманларини, 2- сонли кинология гуруҳи Ғаллаорол ва Бахмал туманларини қамраб олади. 3- сонли кинология гуруҳи Зомин, Зарбдор ва Янгиобод туманларида, 4- сонли кинология гуруҳи эса Дўстлик, Арнасой ва Мирзачўл туманларида фаолият юритмоқда.

Хизмат итларининг ҳуқуқбузар ва жиноятчиларни қидириш ҳамда ушлашдаги имкониятлари инобатга олиниб, ППХ йўналишларида жамоат тартибини сақлашга жалб этилаётир. Умуман олганда, ўтган ҳисобот даврида кинологлар хизмат итлари билан бирга 65 та жиноят жойига чиқиб, 52 та жиноятни фош қилдилар. Шулардан 23 таси ўғирлик, 1 таси қотиллик, 27 таси гиёҳванд моддаларни сақлаш ва ўтказиш билан боғлиқ жиноятлардир. Бу жараёнда 1 килограмм 621 грамм марихуана, 3 килограмм 932 грамм кўкнори олинди. 7 та ҳолатда 105 туп марихуана етиштирилаётгани аниқланди.

Хизмат итлари ёрдамида кинологлар 7 нафар қидирувдаги жиноятчини ушлашга муваффақ бўлдилар. Шахсий таркибимиз хизмат итлари билан бирга коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ташкил этилган блок-постларда ҳам фаолият юритмоқда.

  

Рамз ОҚБЎТАЕВ  

Жиззах вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ кинология

хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш

бўлими бошлиғи, подполковник.

Text to speech