27 Октябр 2020 йил 573

Фидойилар тақдирланди

25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида тантанали йиғилиш уюштирилди. Ўзбекистон Республикаси ИИВ, Жиззах вилояти ИИБ, ҳудудий ички ишлар бўлимлари, соҳавий хизматлар ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тадбир аввалида республика Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов сўзга чиқди. Нотиқ мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ички ишлар органлари ходимларига йўллаган байрам табригида соҳа вакилларининг қонунбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган фаолияти муносиб эътироф этилганлигини билдирар экан тизимда кечаётган ислоҳотлар ҳамда ички ишлар органлари ходимлари зиммасидаги устувор вазифаларга тўхталиб ўтди.

Жумладан, кадрларнинг интеллектуал ва жанговар салоҳиятини юксалтириш, профилактик хизмати фаолиятини такомиллаштириш, жиноят қидирув, эксперт криминалистика каби тезкор соҳаларнинг моддий-техник базасини кучайтириш, тизимда замонавий илғор технология ва усулларни қўллаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш каби масалалар тилга олинди. Йиғилиш давомида Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи асосида Жиззах вилояти ИИБ тизимида фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ ходимларга I, II, III даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун”, “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишонлари, Ички ишлар вазирлигининг эсдалик қўл соатлари ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.

Чунончи, Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров I даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, яна бир қанча офицерларга навбатдаги майор, подполковник ҳамда полковник махсус унвонлари топширилди.

Тантанали тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев ҳам сўзга чиқиб, соҳа вакилларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш, қонубузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда секторларда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилиш борасидаги фидокорона хизматлари тўғрисида батафсил фикр юритди. Шундан сўнг 60 нафардан ошиқ соҳа ходимларига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech