8 Октябр 2021 йил 523

Экологик тозаликка барчамиз масъулмиз

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар режимига риоя этилиши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, айни йўналишдаги қонунбузарликларнинг олдини олиш бугунги долзарб масалалардан ҳисобланади. Шу маънода Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматлари вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси билан ҳамкорликда экорейд уюштириб, тарғиботлар олиб борилмоқда.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ҳамда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида шу йил 24 август куни экология ҳолатини яхшилаш, дарахтлар муҳофазасини самарали ташкил этиш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш юзасидан ўтказилган видеоселектр йиғилишида берилган топшириқлар юзасидан қўшма чора-тадбирлар режаси” тасдиқланган.

Ушбу режа асосида назорат-рейд ва тарғибот тадбирлари уюштирилмоқда. Асосий эътибор ноқонуний равишда ов қилиш, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиб-териб вилоят ҳудудидан олиб чиқиш ва киритишга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашишга қаратилаяпти. Шу билан бирга табиатга зарар етказиши мумкин бўлган омилларнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Чунончи, савдо ва хизмат кўрсатиш ҳамда овқатланиш шаҳобчалари атрофларига тўпланган чиқиндиларни олиб чиқиш ва зарарсизлантириш бўйича масъуллар огоҳлантирилди. Атроф тозалигига эътибор қаратиш, барг-хазон, ўсимлик қолдиқлари ва бошқа чиқиндиларни ёқмаслик, акс ҳолда маъмурий жавобгарлик белгиланиши тушунтирилди.

Дарё ўзанларидан қум-шағал аралашмаси, қир ва адирликлардан тошларни қазиб олиш ва ташиб кетиш учун жавобгарлик белгиланган. Бироқ айрим юк ташиш автомашиналарида ушбу қоидага амал қилинмаяпти. Мазкур назорат-рейд тадбирида аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Бу каби экорейдлар мунтазам ташкил этилиб борилаяпти. Дарахтларни кесиш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга тўплаш, ташлаб кетиш, ёқиб юбориш, ноқонуний ов қилиш каби ҳолатлар бўйича қонунбузарларга тегишли жазо чоралари кўрилаяпти.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech