9 Июн 2022 йил 715

Эҳтиётсизлик кўнгилсиз ҳодисага сабаб бўлди

Тошкент – Самарқанд йўналишида соатига 190 километр тезликда ҳаракатланаётган “Афросиёб” тезюрар поезди Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ҳудудидан ўтган темир йўлнинг 3652- километрида 2 нафар вояга етмаганни уриб юборди. 2007 йилда туғилган жабрланувчилардан бири шифохонада кўрсатилган муолажаларга қарамасдан ҳаётдан кўз юмган, бошқаси жонлантириш бўлимида.     

Мазкур ҳодиса Маржонбулоқ шаҳарчасидаги 73- сонли ўрта умумтаълим мактабида Ғўбдин, Янгидала, Ўзбек олтини, Маржонбулоқ, Геологлар, Нурафшон маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, профилактика инспекторлари, ўқитувчилар ҳамда аҳоли иштирокида муҳокама қилинди. Тадбирда Жиззах вилояти ИИБ транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлими, вилоят ИИБ фахрийлар кенгаши, вилоят халқ таълими бошқармаси масъуллари томонидан темир йўлларни фақат белгиланган жойлардан кесиб ўтиш ва хавфсизлик қоидаларига амал қилиш, темир йўллар теварагида чорва моллари боқмаслик, темир излар муҳофаза ҳудудига кирмаслик, инфратузилма объектларига шикаст етказмаслик, шунингдек талон-торож қилмаслик юзасидан фикрлар билдирилди.  

Темир йўлларда хавфсизликни таъминлашга қаратилган тарғиботни кучайтириш, ота-оналар ва жамоатчиликнинг вояга етмаганлар устидан назоратини ошириш, темир йўлларга ёндош аҳоли пунктларида яшовчи фуқаролар, мактаб ўқувчилари ва вояга етмаганлар  томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш масалалари ҳам эътиборда бўлди.

Text to speech