3 Декабр 2021 йил 388

Беллашувларда форишликлар ғолиб бўлди

Айни кунларда Ички ишлар вазирлигининг таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлинмаларида “Касбий тайёргарлик ойлиги” ўтказилмоқда. Ойлик доирасида Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармаси ҳамда Фориш тумани ички ишлар бўлими ходимлари бир неча спорт турлари бўйича беллашдилар.

Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейида ўтган мусобақа очилишида сўз олганлар юртимизда оммавий спортни ривожлантириш, мусобақанинг аҳамияти ва мақсади хусусида тўхталди ва иштирокчиларга омад тилашди. Шундан сўнг беллашувлар бошланди. Дастлабки, волейбол бўйича учрашув қизғин ва муросасиз кечди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом турмуш тарзини кенг тадбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, Ички ишлар вазирининг 2018 йил 17 январдаги “Ички ишлар органларида хизмат, жанговар, жисмоний ва ахлоқий-психологик тайёргарлик машғулотларини ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи ҳамда 2021 йил 12 ноябрдаги “Ички ишлар органлари тизимида касбий тайёргарлик ойлигини ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши асосида уюштирилган беллашувда Фориш тумани ички ишлар органлари жамоаси ғолибликни тантана қилди. Шунингдек, спортнинг 100 метрга югуриш, тўсинда тортилиш, арқон тортиш ҳамда мини футбол турлари бўйича мусобақаларда ҳам меҳмонлар ғолиб бўлди.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда ходимларнинг интеллектуал билимларини ошириш, маънавий-маърифий салоҳиятини юксалтириш, улардаги ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш мақсадида бошланғич касбий тайёргарлик, қайта тайёрлаш ҳамда малака ошириш тадбирлари белгиланган талаб ва меъёрлар асосида ўтказилаяпти.

“Касбий тайёргарлик ойлиги” доирасида спорт мусобақаларининг шахмат турида Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимига тенг келадигани топилмади. Қуролларни тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш беллашувида қатнашчилар бир хил натижа кўрсатиб, дурранг қайд этилди.

Бундан ташқари, заковат беллашувида ҳам Фориш тумани ички ишлар бўлими жамоаси биринчиликни эгаллади. Спорт тадбири маънавий-маърифий тадбирга уланди. Чунончи, ходимлар Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов ёдгорлик музейида бўлиб, атоқли давлат арбоби ва ёзувчи ҳаёти билан яқиндан танишишди.

Text to speech