29 Ноябр 2021 йил 410

Фаолият таҳлил этилди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш борасидаги ишлар таҳлилига қаратилган йиғилиш ўтказилди. Йиғилиш аввалида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ички ишлар органлари тизимида кечаётган ислоҳотлар, янгилик ва ўзгаришлар хусусида сўз юритди.

Тадбирда Ўзбекистон Респубикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи, генерал-майор Азизбек Икрамов соҳада маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш, хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда ишчи гуруҳ томонидан шаҳар ва туманлар ички ишлар органларида ўтказилган ўрганишлар натижалари ҳақида тўхталди.

Дарҳақиқат, ҳар қандай касб эгасидан муайян салоҳият, тажриба ва малака талаб этади. Хусусан, ички ишлар органлари ходими маънан етук, жисмонан бақувват ва жанговар тайёргарлиги юқори бўлмоғи шарт. Чунки касби тақозосига кўра мураккаб вазифаларни бажариши, жойи келганда бошқаларни ҳимоялаши, хавфли жиноятчини қўлга олишига тўғри келади. Шу боис соҳа вакиллари ўз касбий маҳоратларини ошириб боришлари зарур. Таъкидлаш керак, бу борадаги чора-тадбирлар сўнгги йилларда сезиларли даражада кучайди. Маънавий-маърифий ишлар хизмати фаолиятини такомиллаштириш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Йиғилишда айни йўналишда шаҳар ва туман ички ишлар органларида олиб борилаётган ишлар таҳлил этилиб, эришилаётган ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам кўзга ташланганлиги қайд этилди. Ушбу ҳолатларни бартараф этиш, шунингдек ходимларнинг интеллектуал билимларини ошириш, ватанпарварлик туйғулари ва маънавий-маърифий салоҳиятини юксалтириш мақсадида бошланғич касбий тайёргарлик, қайта тайёрлаш ҳамда малака ошириш тадбирларини кучайтириш бўйича топшириқлар берилди. Хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш, жисмоний тайёргарлик даражасини янада яхшилаш, фахрийлар холидан хабар олиш, китобхонликни тарғиб этиш, устоз-шогирд анъанаси асосида ёш ходимларнинг касбий маҳоратини ошириш кераклиги кўрсатилди. Бундан ташқари, қонунийликни таъминлаш, тамагирлик, қўполлик, хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ иллатларга йўл қўймасликка ҳам эътибор қаратилди.

Ходимларга берилаётган имтиёзлар ҳам тилга олиниб, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳамкасбларига намуна бўлаётган ходимларни рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам айтилди. Йиғилишда ички ишлар органлари ходимларининг хизмат, жанговар, жисмоний ва ахлоқий психологик тайёргарлигини ошириш бўйича масъулларга вазифалар юклатилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech