24 Феврал 2021 йил 618

3-сектор раҳбари жиззахлик фуқаролар билан мулоқот ўтказди

Жиззах шаҳридаги Жиззахлик маҳалла фуқаролар йиғинида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг навбатдаги сайёр қабули бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида 3- сектор раҳбари 5 нафар ёшга Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортларини тантанали равишда топширди. “Темир дафтар”га киритилган 3 киши эса бошқарма бошлиғидан маиший электротехника жиҳозларини қабул қилиб олишди.

Жиззахлик, Оққўрғонлик, Халқобод, Раваллиқ, Зилол, Олмазор, Ўратепалик маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси билан бўлган мулоқотлар давомида асосан тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш учун имтиёзли кредит ажратилишида ёрдам сўралди. Худди шундай, ишга жойлашиш, йўл ҳаракатини тартибга солиш, нодавлат мактабгача таълим ташкилоти имкониятларини кучайтириш, коммунал соҳадаги муаммолар бўйича талаб ва таклифлар билдирилди.

Мазкур мурожаатларни Жиззах шаҳри ҳокими Комил Холмуродов ҳамда тегишли ташкилот ва корхоналар масъуллари томонидан ҳал қилиш чоралари кўрилди. Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган Раваллиқ маҳалласида яшовчи Муҳаббат Очиловага тикув машинаси топширилди.   

Сайёр қабул давомида мамлакатимиз Президенти бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш, мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, йиғилишда ташкилот ва корхоналар раҳбарлари ҳамда фуқаролар йиғинлари фаоллари иштирокида Жиззах шаҳрида тозалик ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этишга оид масала ҳам кўриб чиқилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech