14 Сентябр 2020 йил 12

Дўстлик туманида теримга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда

Дўстлик тумани пахтакорлари жорий йилда 17 минг 900 гектар майдонда деҳқончилик қилдилар. Шу маънода аҳолини йиғим-теримга жалб этиш тадбирлари изчиллик билан амалга оширилмоқда. Яна ҳам аниқроғи, секторлар масъуллари, маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари, кластерлар, бандликка кўмаклашиш марказлари каби бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан тарғибот тадбирлари уюштирилиб, банд бўлмаган фуқаролар билан меҳнат шартномалари тузилаяпти. Теримчиларга зарурий шароитларни юзага келтириш мақсадида мавжуд 80 та шийпонни таъмирлаш ҳамда дала марказлари юзага келтирилаётир.

Шунингдек, мавжуд пахта териш ва ташиш техникаларини мавсумга ҳозирлаш, эҳтиёт қисмлар захирасини шакллантириш ишлари уюшқоқлик билан бажарилаяпти. Маълумот ўрнида айтиш керак, жорий терим мавсумида Дўстлик туманида 63 та пахта териш комбайнларидан фойданиш режалаштирилган. Ишга бу тахлит ёндашув йиғим-терим суръатига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.   

Худди шундай, пахта хом ашёсини ташишда фойдаланиладиган автотранспорт воситаларини таъмирлаш, тиркамаларни тўрларини янгилаш, ёруғлик қайтаргичлар ўрнатиш ҳамда рақамлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бу тадбирларни ташкил этишда ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари фаоллик кўрсатишаётир. Мазкур жараёнда соҳа вакиллари ҳайдовчи, тракторчи ва комбайнчиларга йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги ҳамда техника хавфсизлиги юзасидан тушунчалар беришаяпти.

Қисқаси, туманда мавсумга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Бу эса йиғим-теримни қисқа муддатларда якунлаш имконини беради.

Маълумот ўрнида айтиш керак, жорий йилда вилоятимизда 2 минг 170 та фермер хўжаликлари томонидан 78 минг 100 гектар майдонда пахта етиштирилди. Соҳа вакиллари 219 минг 400 тонналик ҳосил тўплашни режалаштиришган.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech